O'zbekiston Respublikasining Rossiya Federatsiyasidagi Elchixonasi

◊ O'zbekiston Respublikasining Rossiya Federatsiyasidagi Elchixonasining veb-sahifasiga xush kelibsiz ◊



google по сайту
 

 

 

24.08.2017

 

Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш йўлида

 

Мустақилликнинг туб моҳиятини миллий давлат қуриш ташкил этади. Биз 1991 йилнинг 31 августидан шундай мустақил давлат қуришга киришдик.

Давлат – жамиятнинг бошқарув тизими. Ҳар қандай миллий давлат жамият тараққиёти билан бирга равнақ топади. Шунинг учун ҳам давлат ва жамият қурилиши – яхлит кечадиган жараён.

Мустақилликнинг ўтган 26 йили, аввало, давлат ва жамият қурилишини тубдан ислоҳ қилиш орқали кечди. Бу борада ҳам миллий анъаналаримизга таяниб, ҳам хал¬қаро тажрибаларга суянган ҳолда иш тутдик. Бошқача айтганда, истиқлол тарихига биринчи галда давлат ва жамият қурилиши нуқтаи назаридан қараб баҳо беришимиз зарур.

Хабарингиз бор, шу йилнинг 27 июнида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси давлат мус¬тақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарори қабул қилинди. Бу йилги байрам “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дас¬тури асосида амалга оширилмоқда. Қарорда ушбу Дастурни 2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурининг маъно-мазмунидан келиб чиққан ҳолда тайёрлаш белгиланган.

Белгиланган ана шу бешта устувор йўналиш айнан нималардан иборат эканлиги тўғрисидаги саволга газетамизнинг 5 июль сонида “Миллий тараққиётнинг мустаҳкам пойдевори” сарлав¬ҳали биринчи мақоламизда жавоб бериб ўтишга ҳаракат қилган эдик. Иккинчи мақоламизда эса айнан биринчи устувор йўналишнинг мазмун-моҳиятини кенгроқ келтиришни маъқул топдик.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонида бу бешта устувор йўналишнинг биринчиси қуйидагича баён этилган: “Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга йўналтирилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, давлат бошқаруви тизимини ислоҳ қилиш, давлат хизматининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини ривожлантириш, “Электрон ҳукумат” тизимини такомиллаштириш, давлат хизматлари сифати ва самарасини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш”.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони билан Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия ҳамда Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини амалга ошириш бўйича комиссиялар тузилган эди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 14 февралдаги Фармойиши билан Ҳаракатлар стратегиясида назарда тутилган тадбирларнинг экспертлик ва жамоатчилик муҳокамасини самарали ташкил этиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш, уларни мукаммал амалга ошириш, фуқаролик жамияти институтларини, экспертлар ва олимларни мамлакатимизни демократлаштириш ҳамда модернизация қилиш жараёнларига фаол жалб этиш мақсадида пойтахтимизда Тараққиёт стратегияси маркази ташкил этилди.

Давлат ва жамият энди ана шундай янада такомиллашиш даврига келди. Бироқ бунгача катта ва мураккаб йўл босиб ўтилди.

Умрининг муайян қисмини шўро даврида кечирган катта ёшдагилар яхши биладики, биз истиқлолга қадар якка мафкура ҳукмрон жамиятнигина билар эдик. Партия битта эди. Унинг мафкураси собиқ иттифоқ конституциясининг 6-моддасида давлат мафкураси сифатида ўрнатилгани қайд этилган эди. Фақат 1990 йилнинг мартидагина ана шу 6-модда ўзгартирилди, яъни собиқ иттифоқ тарқалиб кетишидан бор-йўғи бир ярим йилдан ошиқроқ даврдагина жамият кўппартиявий тизимга ўта бошлади.

Ўзбекистон ўз мустақиллигини кўппартиявий жамият тарзида бошлади. Ўзбекис¬тон Республикаси Президентлигига 1991 йил 29 декабрда ўтказилган дастлабки сайловдан бошлаб давлатимиз раҳбари ҳар гал муқобиллик асосидаги сайлов орқали сайланди. Муқобиллик деганини тушуниш эса унчалар қийин эмас – ҳар бир партия Ўзбекистон Республикаси Президентлигига ўз номзодини кўрсатиб, сайловчиларни унга овоз беришга даъват қилади. Сайловда эса энг кўп овоз тўплаган номзод ютади.

1991 йил 29 декабрдаги сайловда алоҳида-алоҳида партиялардан кўрсатилган икки, 2000 йил 9 январдаги сайловда алоҳида-алоҳида партиялардан кўрсатилган икки, 2007 йил 23 декабрдаги сайловда алоҳида-алоҳида партиялардан кўрсатилган уч ва сайловчилар ташаббускор гуруҳи кўрсатган бир (жами – тўрт), 2015 йил 29 мартдаги сайловда алоҳида-алоҳида партиялардан кўрсатилган тўрт, 2016 йил 26 декабрдаги сайловда ҳам алоҳида-алоҳида партиялардан кўрсатилган тўрт Президентликка номзод иштирок этди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига сайловда ҳам айнан партиялардан кўрсатилган номзодлар иштирок этади. Фақат кейинги икки сайловда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сони 150 тага етказилди ва бунинг 15 нафари (ҳар бир минтақадан бир нафардан ва республика ташкилотидан бир нафар) Ўзбекистон экология ҳаракатидан сайланадиган бўлди.

Кўппартиявий тизимнинг афзаллиги нимада?

Давлат – халқники. Халқ эса турли ижтимоий тоифадаги аҳолидан ташкил топган. Ҳар бир тоифанинг эса ўз қизиқишлари, интилишлари, бошқача айтганда, манфаатлари бор. Ҳар бир тоифа давлат унинг манфаатларини ҳимоя қилишини истайди.

Хўш, барча тоифалар манфаатларини бирдай ифодалаш мумкинми?

Мумкин. Бунинг учун кўп партия бўлиши керак. Бу партияларнинг ҳар бири ўз йўналиши, жамиятдаги муайян ижтимоий тоифа интилишлари, қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда, яъни уларнинг манфаатларини ифодалаган ва ҳимоя қилган ҳолда ўз дастурини ишлаб чиқиши зарур.

Бу – масаланинг биринчи томони.

Иккинчи томони шундан иборатки, ана энди ана шу ҳар бир партия ўз олдига қўйган ғояларни ҳаётга татбиқ этиши, яъни амалга ошириш учун кураш бошлайди. Бу кураш айнан сайловлар орқали кечади. Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси депутатлари орасида қайси партиядан энг кўп вакил сайланган бўлса, парламентда ўша партия ғолиб ҳисобланади. Ҳатто, шундай тартиб-қоида қонунга киритилганки, ҳар бир партияга Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатлари сонини қатъий ҳисобга олган ҳолда давлат бюджетидан маблағ ажратилади.

2014 йилги сайловда депутатликка сайланган номзодлари сонига кўра, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал- демократик партияси – биринчи, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси – иккинчи, Ўзбекистон Халқ демократик партияси – учинчи ва Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси тўртинчи ўринни эгаллади.

Булар – масаланинг ташкилий томонлари.

Моҳият эътибори билан партиялар Олий Мажлисда қонунлар, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларида эса қарорлар қабул қилинаётганда ўз электорати манфаатларидан келиб чиқиб таъсир ўтказишга интилади. Ҳар бир қонун ва қарор овоз бериш йўли билан қабул қилинади. Шундай экан, кўп депутати бор партия – амалда кўп овоз бериш ҳуқуқига эга.

Кўппартиявийликнинг яна бир аҳамиятли томони шундан иборатки, давлат сиёсатида муқобиллик юзага келади. Ҳар бир партия қабул қилинаётган қонунлар ва қонуности ҳужжатлари муҳокамасида ўз нуқтаи назарини билдириб, ўз қарашларининг қонун ва қарорларда бевосита акс этиши учун курашади. Бундан ташқари, қонун ва қонуности ҳужжатларининг ижроси устидан жамоатчилик назоратини ўрнатади. Ўз оммавий ахборот воситалари орқали ғояларини тарғиб ва ташвиқ қилади, бу ҳақда жамоатчилик фикрини уйғотади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1-моддасида: “Ўзбекистон – суверен демократик республика. Давлатнинг “Ўзбекистон Республикаси” ва “Ўзбекистон” деган номлари бир маънони англатади”, – деб ёзилган.

Мамлакатимизнинг қандай типдаги давлат эканини “суверен демократик республика” деган ана шу уч сўз аниқ-тиниқ ифодалаб берган. Келинг, аввал шу уч истилоҳнинг мағзини чақиб кўрайлик.

“Суверен” сўзи – французча “souverain” сўзидан олинган ва у луғавий жиҳатдан “олий” деган маънони билдиради. Халқаро ҳуқуқ атамаси сифатида эса “мустақил олий ҳокимияти эгаси” деган маънони

англатади. Шундан келиб чиқиб, бу сўз мустақилликка эга, эркин, ҳур давлатга нисбатан ҳам ишлатиладиган бўлган. Шу ўзакдан ясалган “суверенитет” истилоҳи халқаро ҳуқуқда “давлатнинг ички ишларни олиб боришда ва ташқи муносабатларда тўла мустақиллиги” маъносида қўлланади. Ёки “суверенлик” деган сўзни айнан

“мустақиллик” деб тушуниш керак.

“Демократия” сўзи, асли, юнонча “demos”, яъни “халқ” ҳамда “kratos”, яъни “ҳокимият” сўзларининг қўшилишидан ҳосил бўлган. Ҳуқуқий атама сифатида “фуқаролар эркинлиги ва тенглиги конституция ва қонунларда мустаҳкамланган, халқ ҳокимиятининг шакллари амалда ўрнатилган ва юзага чиқарилган сиёсий тузум; халқ ҳокимияти” маъноларида талқин этилади.

Соддароқ қилиб тушунтирилса, демо¬кратик тузумда то халқ сайламагунча ҳеч ким давлат бошлиғи бўла олмайди ва то халқ сайламагунча ҳеч ким қонун чиқариш ваколатини қўлга кирита олмайди.

Албатта, “демократия” сўзи “жамоа барча аъзоларининг фаол иштирокида раҳбарлик қилиш усули” тарзида оддийроқ маънода ҳам қўлланаверади.

“Республика” сўзи ҳам – халқаро ҳуқуқ атамаси. У луғавий жиҳатдан лотинча “иш” маъносидаги “res” ҳамда “ижтимоий”, яъни “кўпчилик” ёки “умумхалқ” маъносидаги “publika” сўзларининг қўшилишидан ҳосил қилинган. Истилоҳий маъноси ҳам шундан келиб чиқади: у “олий давлат ҳокимияти маълум муддатга сайланадиган ҳокимият органи (президент ёки парламент)га тегишли бўлган бошқарув шакли; шундай бошқарув шаклига эга бўлган давлат” ни англатади.

Бош Қомусимизнинг 1-моддасидаги бу уч сўзни тушунтириш орқали айтмоқчимизки, мустақиллик йилларида Ўзбекистонимиз чинакам суверен демократик республикага айланди.

Айнан партияларнинг кўплиги демократияни таъминлаш учун бош омил бўлиб хизмат қилади.

2005 йилдан бошлаб Олий Мажлисимиз икки палатали парламентга айланди. Бунда жаҳондаги илғор тажрибага суянилди. Шу тариқа қабул қилинаётган қонунларнинг сифатини янада ошириш имконияти юзага келтирилди.

Қуйи палатада қонунлар партиялар ва Экологик ҳаракатдан сайланган вакиллар тарафидан муҳокама қилинади ва бунда, табиийки, мамлакатдаги турли ижтимоий қатламлар манфаатларидан келиб чиқилади. Юқори палатада қонунлар минтақалар ва республика манфаатларини ўзаро уйғун¬лаштириш, яъни мувофиқлаштириш тарафидан кўриб чиқилади. Чунки Олий Мажлис Сенатида ҳар бир минтақамиздан тенг сонли, яъни 6 нафардан сенатор мавжуд ва мантиқан республика умумманфаатларидан келиб чиқиб фикр-мулоҳаза қилишга йўғрилган 16 сенатор Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан тайин¬ланган. Сенаторларнинг 84 нафари амалда халқ депутатлари маҳаллий кенгашларининг ҳам депутати сифатида фаолият юритади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармони билан белгиланган бу бешта устувор йўналиш мамлакатимиз тараққиётининг 2017 – 2021 йилларга мўлжалланган дастуруламали ҳисобланади.

Бизда бу беш устувор йўналиш ижросига қаттиқ киришилди. Бунинг биргина исботи шуки, шу йилнинг 12 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида парламент палаталари, сиёсий партиялар, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” мавзусида маъруза қилди.

Маърузада ҳокимият вакиллик органлари, сиёсий партиялар ва Экологик ҳаракатнинг ўтган даврдаги фаолияти ўзаро мулоқот шаклида, танқидий руҳда таҳлил қилинди, ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлида олдимизда турган муҳим вазифалар белгилаб берилди.

“Ҳар қандай сиёсий партия замон талаби билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади... Сиёсий партияларнинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари фаолиятини кучайтирмасак, қонун ижодкорлиги ва қабул қилинган қонунлар ижроси кутилган натижани бермайди”, – деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари демократияни таъминлашда парламентнинг ўрни ва аҳамияти катта эканлигини таъкидлар экан: “Демократия қаердан бошланади – парламентдан бошланади. “Парламент – демократия мактаби”, – деймиз. Шундай экан, миллий парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши керак”, – деди.

Модомики, 2017 – 2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясининг биринчи йўналишида “демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш” ҳам кўзда тутилган, 2017 йил мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинган, партиялар айнан халқнинг муайян тоифалари манфаатларини ҳимоя қилишга чоғланган сиёсий куч ҳисобланар экан, бу борадаги камчиликларни бартараф этиб, ислоҳотларни янада чуқурлаштириш лозим.

Ҳаракатлар стратегияси реал ижро талаб қилади. Уни амалга ошириш эса давлат ва халқ бирлигида жуда катта ишларни бажаришни тақозо этади. Шунинг учун ҳам шу йилнинг 15 августида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017 – 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини келгусида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармойиши қабул қилинди. Унда муайян маънода амалга оширилган ишлар бир сидра сарҳисоб ҳам этилди.

Ҳозирги кунда Ҳаракатлар стратегиясининг ижроси юзасидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантиришга қаратилган 15 та қонун ҳамда 700 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди. Мустақил давлатчилигимиз тарихида илгари ҳеч қачон ҳуқуқий базани мус¬таҳкамлашда бундай жадаллик юз бермаган эди. Бу мамлакатимизда ислоҳотларни мисли кўрилмаган даражада чуқурлаштириш жараёни бошланганидан далолат беради.

Фармойишда беш устувор йўналиш бўйича қилинган ишлар қисқача санаб ўтилди. Жумладан, биринчи устувор йўналиш бўйича ўзгаришлар ҳам қайд этилди: “Хусусан, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш соҳасида замонавий талаблар ҳамда устувор йўналишларни инобатга олган ҳолда 16 та вазирлик, идора ва бошқа ташкилотларнинг тузилмаси, вазифа ва функциялари қайта кўриб чиқилди, 20 та давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар қайта ташкил этилди”.

Бир нарсани ойдинлаштириб олиш зарур: партия депутатга хизмат қилиши керакми ёки аксинча, депутат партиягами?

Бу масалада ноаниқликка мутлақо ўрин йўқ: партия депутатнинг номзодини кўрсатади, унинг сайланиши учун курашади. Шундай экан, сайланган депутат энди ўзи вакил бўлган партиясининг ғояларини ҳаётга татбиқ этиши, яъни унинг манфаатларига хизмат қилиши керак. Чунки партия – ўз электорати манфаатларини ҳимоя қилишга чоғланган сиёсий куч.

Мустақилликкина бизга шундай демо¬кратияни берди.

Бунинг қадрига етишимиз керак.

Бир сўз билан айтганда, демократия фикрлар хилма-хиллигини таъминлайди. Бу эса қабул қилинаётган қонунлар ва қонуности ҳужжатларида бирёқламалик бўлишига йўл қўймайди. Шу тариқа давлат сиёсатида амалда аҳолининг барча қатламлари манфаатлари акс этади.

 

(Мақола 2017 йил 21 августда "Тошкент оқшоми" газетасида чоп этилган)

 

 

 

 

 

 

Telefonlar: (499) 230-00-76, 230-00-78; Faks: (499) 238-89-18
Manzilgoh; 119017, Rossiya Federatsiyasi, Moskva shahri, Pogorelskiy tor ko'chasi, 12
E-mail:
info@uzembassy.ru