Янги Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти Москвада бўлиб ўтган "Туризм: Осиё" мавзусидаги давра суҳбатида тақдим этилди

Ўзбекистон элчиси Ботиржон Асадов "Vostok" мунозара клуби ва "Комсомольская правда" газетаси таҳририяти томонидан ташкил этилган "Туризм: Осиё" мавзусидаги давра суҳбатида иштирок этди.
Элчи Ботиржон Асадов ўз чиқишида, Янги Ўзбекистон туризм индустрияси жадал ривожланиб бораётганини, шунингдек, мамлакатимиз россиялик ва хорижлик саёҳатчилар учун жозибадор манзилга айланиб бораётганини таъкидлади.
Иштирокчилар Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан туризм соҳасини мамлакат иқтисодиётининг қудратли локомотивига айлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг самарали натижалари билан танишдилар.
Давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича белгиланган вазифаларни амалга ошириш доирасида кўплаб замонавий, мутлақо янги инфратузилма объектлари, жумладан, Самарқанд шаҳридаги "Боқий шаҳар" этнопарки ва Хивада "Арда Хива" янги сайёҳлик мажмуаси қуриб фойдаланишга топширилгани қайд этилди.
Ўзбекистон дипломатик миссия раҳбари, шунингдек, нима сабабдан мамлакатимиз жаҳон сайёҳлик харитасида ўз ўрнини жадал мустаҳкамлаб бораётгани ҳақида тўхталиб ўтди. "Ўзбекистон ҳақли равишда очиқ осмон остидаги музей саналади. Бизда 8 мингдан ортиқ маданий мерос объектлари мавжуд бўлиб, улардан 209 таси ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган тўртта музей шаҳарлари таркибига киради", деди элчи.
Тақдимот давомида жорий йилнинг куз фаслида Самарқанд шаҳрида ЮНEСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўтказилиши ва мазкур анжуман сўнгги қирқ йил ичида биринчи марта Париждан ташқарида ташкил этилаётганига урғу берилди.
"Vostok" мунозара клуби директори Сергей Рибаков ўз навбатида, иштирокчиларга 8 апрель куни Тошкент шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган семинар ҳақида маълумот берди.