Ўзбекистон – 2025-2027 йиллар учун БМТ Туризм Европа комиссияси раислигига номзод

Ўзбекистон ўз номзодини 2025-2027 йиллар учун БМТ Туризм Европа комиссияси раислигига илгари сурди.
Мазкур нуфузли лавозимга Ўзбекистон тарихида илк бор ўз номзодини илгари сурмоқда. Бу ташаббус мамлакатимизнинг халқаро туризм ташкилотлари доирасидаги фаоллиги ва юксак ишончга сазовор бўлаётганининг яққол ифодасидир.
БМТ Туризм Европа комиссияси таркибига Европа, Марказий ва Ғарбий Осиёнинг 41 та давлати киради. Комиссия Европа минтақасидаги туризм сиёсатини шакллантириш, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ҳамда барқарор ва инклюзив туризмни ривожлантиришда муҳим роль ўйнайди.
Мазкур комиссиянинг 71-йиғилиши 2025 йил 4-6 июнь кунлари Озарбайжоннинг Боку шаҳрида бўлиб ўтади. Мазкур йиғилиш давомида 2025-2027 йилларда БМТ Туризм Европа комиссияси раиси сайлови ўтказилиши режалаштирилган.
Ўзбекистоннинг мазкур лавозимга ўз номзодини илгари суриши – мамлакатимизнинг туризм соҳасидаги изчил ислоҳотлари, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги амалий қадамлар, шунингдек, барқарор ва инклюзив туризмни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссасининг эътирофи сифатида эътироф этилмоқда.
Мазкур лавозимни эгаллаш орқали Ўзбекистон Марказий Осиёни ягона туризм макони сифатида тарғиб қилиш, трансчегаравий маршрутларни ривожлантириш, рақамли ечимларни кенг жорий этиш, шунингдек, БМТ Туризм ташкилоти доирасида минтақавий мулоқотни кучайтиришга қаратилган янги ташаббусларни илгари суришни режалаштирмоқда.
“Дунё” АА