19-21 май кунлари Термизда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади

Шу йилнинг 19-21 май кунлари Термиз шаҳрида “Тинчлик, дўстлик ва фаровонликнинг умумий маконини барпо этиш” мавзусида Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича Термиз мулоқотининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади.
Ташкилотчилар – Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси.
Форум Марказий ва Жанубий Осиё, Европа, МДҲ, Осиё-Тинч океани минтақаси, Америка, Яқин Шарқ мамлакатларидан 200 га яқин вакилларни бир ерга жамлайди. Улар орасида сиёсий-иқтисодий ва бизнес доиралар вакиллари, молия институтлари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар аъзолари, шунингдек, дунёнинг турли таҳлилий ҳамда илмий-тадқиқот марказларининг нуфузли экспертлари бор.
Мулоқотдан асосий мақсад – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро алоқадорликни мустаҳкамлаш бўйича 2022 йилда БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қўллаб-қувватланган ташаббусини илгари суриш учун кўп томонлама мунозара майдонини шакллантириш.
Форум иштирокчилари Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги минтақалараро ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва истиқболларини муҳокама қиладилар. Асосий эътибор хавфсизлик, барқарорлик ва изчил ривожланишни таъминлаш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, иқтисодий ўсишни таъминлашда хусусий сектор ва молиявий тузилмаларнинг ролини кенгайтириш масалаларига қаратилади.
Анжуман якунлари бўйича кутилаётган асосий натижалардан бири, бу – Марказий ва Жанубий Осиё ўртасида ишонч, мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирувчи Коммюнике қабул қилиниши ҳисобланади.
Термиз мулоқоти минтақалараро боғлиқликни янада ривожлантириш, кенг Евроосиё қитъасида тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш истиқболларини белгилаш учун доимий платформа вазифасини бажариши кўзда тутилган.
Тадбир Сурхондарё вилояти Термиз шаҳридаги “Термиз халқаро савдо маркази” ҳудудида ўтказилади.
“Дунё” АА