Ўзбекистон-Словакия: янги имкониятлар асосидаги икки томонлама изчил мулоқот

Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Словакия Бош вазири Роберт Фицо 8-10 июнь кунлари расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлади.
Ўзбекистон ва Словакия ўртасида дипломатик муносабатлар 1993 йил 1 январда ўрнатилган. Ўзбекистон ва Словакия ўртасидаги алоқалар узоқ вақтдан бери йирик форматлар соясида қолиб кетганига қарамай, бугунги кунда мулоқотни институционаллаштириш ва тартибга солиш борасида изчил ривожланиш кузатилмоқда. Ўзбекистон ташқи сиёсати стратегиясининг фаоллашуви ва Европа Иттифоқининг Марказий Осиёга қизиқиши ортиб бораётгани фонида расмий Тошкент ва Братислава ўртасидаги муносабатлар янгича суръат олди.
Халқаро майдонда мамлакатлар БМТ, ЕХҲТ, Европа кенгаши, шунингдек, глобал барқарор ривожланиш кун тартиби билан боғлиқ тузилмалар доирасида ҳамкорлик қилади. Словакия анъанавий тарзда Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда минтақавий хавфсизликни таъминлаш, сув ва атроф-муҳит соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган ташаббусларини, шунингдек, таълим ва гендер тенглиги соҳасидаги лойиҳаларини қўллаб-қувватлайди.
Жумладан, БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси доирасида Словакия Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган Марказий Осиёда ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича резолюцияни қўллаб-қувватлади. Ўз навбатида, Ўзбекистон Словакиянинг ЕХҲТ доирасидаги саъй – ҳаракатларини, жумладан, расмий Тошкент ташқи сиёсати устуворликларига мос келадиган мавзулар – транспарентлик, қонун устуворлиги ва маданиятлараро мулоқотга алоҳида эътибор қаратилган 2019 йилдаги раислигини юқори баҳолади.
Парламентлараро мулоқот ҳам изчил рижланмоқда. 2023 йил апрель ойида Словакия Миллий кенгаши раиси Борис Коллар бошчилигидаги делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ташриф давомида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасида учрашувлар ўтказилди.
2025 йил март ойида Олий Мажлисда Словакия Миллий кенгаши билан ҳамкорлик бўйича 13 нафар парламентарийдан иборат парламентлараро гуруҳ тузилди. Словакия парламентида ҳам Ўзбекистон Олий Мажлиси билан ҳамкорлик бўйича ана шундай гуруҳ фаолият кўрсатмоқда.
Икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги фаол мулоқот турли соҳалардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш учун мустаҳкам замин яратяпти.
Икки давлат ТИВ раҳбарлари Тошкентда, шунингдек, йирик халқаро тадбирлар доирасида бир неча бор учрашув ўтказди. Томонлар мунтазам равишда ташқи ишлар вазирликлариаро сиёсий маслаҳатлашувларни ўтказиб, икки томонлама кун тартибини ва халқаро ташкилотлар доирасидаги шерикликни мувофиқлаштириш масалаларини муҳокама қиладилар. Бундай маслаҳатлашувларнинг бешинчи раунди 2025 йил 14 январда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги Шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимга мувофиқ, икки давлат ўртасидаги савдода энг қулай режим ўрнатилган. Ўзаро савдо ҳажми кам бўлишига қарамай, ҳар икки давлат барқарор иқтисодий алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор. Хусусан, машинасозлик, фармацевтика, энергетика, телекоммуникациялар, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалар ўзаро ҳамкорлик учун истиқболли йўналишлар сифатида кўрилмоқда.
Иқтисодий шерикликни ривожлантириш истиқболлари Ўзбекистон делегациясининг 2023 йил август ойида Словакияга ташрифи давомида ҳам тасдиқланди. Ўзбекистон-Словакия бизнес-форуми, шунингдек, Словакия Иқтисодиёт вазирлиги Давлат котиби Петер Швец, Словакия Инвестициялар ва савдони ривожлантириш агентлиги бош директори Роберт Шимончич, Савдо-саноат палатаси раиси Петер Михок ҳамда йирик словак компаниялари раҳбарлари ўртасидаги учрашувлар жуда самарали кечди ва улар икки давлат ишбилармон доираларининг яқинлашувига туртки бўлди.
Словакия компаниялари Ўзбекистонни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича МДҲ мамлакатларига чиқиш имкониятига эга салоҳиятли бозор деб билади. Ўз навбатида, ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар Словакиядан технологик ечимлар ва сармояларни жалб қилишдан манфаатдор.
Бугунги кунда Ўзбекистонда Словакия капитали иштирокида олтита, шу жумладан, 100 фоиз хорижий сармоя иштирокидаги тўртта корхона фаолият юритмоқда. Икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни тартибга солувчи механизм аввал Савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Словакия ҳукуматлараро комиссияси (ҲК) эди. Бугунги кунга қадар ҲКнинг учта йиғилиши ўтказилган.
Узоқ танаффусдан сўнг жорий йилнинг 5 май куни Тошкентда Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи мажлиси бўлиб ўтди.
Таъкидлаш жоизки, Словакия ҳукумати раҳбари Роберт Фицо ва ушбу мамлакат ишбилармон доиралари делегацияси мамлакатимиз пойтахтида бўлиб ўтадиган IV Тошкент халқаро инвестиция форумида иштирок этади. Иқтисодиёт ва инвестициявий соҳалардаги алоқаларни чуқурлаштиришга қаратилган сиёсий ироданинг бундай ёрқин ифодаси ўз самарасини бериб, барқарор ва ўзаро манфаатли иқтисодий шерикликни ўрнатишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Таъкидлаш жоизки, икки давлат ҳам транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор. Словакия Транскаспий йўналиши ва “Global Gateway” ташаббуси доирасида Ўзбекистон экспорти учун муҳим марказга айланиши мумкин.
Ўзбекистоннинг очиқлик сиёсати доирасида Словакия фуқаролари учун бизнес ва туристик алмашинувни кенгайтириш мақсадида 2019 йилдан бошлаб 30 кунгача бўлган муддатга визасиз кириш тартиби амал қиляпти.
Сўнгги пайтларда миграция соҳаси ўзаро ҳамкорликнинг янги йўналишларидан бирига айланди. Жумладан, жорий йилнинг 3-6 март кунлари Ўзбекистон Миграция агентлиги делегацияси ишчи ташриф бидан Словакияда бўлди. Ташриф доирасида ушбу мамлакат Таълим вазирлигида учрашув ва Словакия Иқтисодиёт вазирлиги, Савдо-саноат палатаси ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирокида Ўзбекистон-Словакия форуми бўлиб ўтди. Делегация аъзолари рекрутинг компаниялари билан ҳам учрашувлар ўтказди, унинг якунлари бўйича Словакия Иш берувчилар федерацияси ва Кадрлар агентликлари ассоциацияси билан ҳамкорлик шартномаси имзоланди.
1997 йил ноябрь ойида имзоланган Ўзбекистон ва Словакия ўртасидаги маданият ва санъат соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги битимга асосан маданият йўналишида делегациялар алмашилмоқда. Шунингдек, Ўзбекистон ва Словакия делегатлари икки давлатда ташкил этилаётган халқаро маданий тадбирларда мунтазам иштирок этяпти.
2014-2015 ўқув йилидан бошлаб Словакия ҳукумати Ўзбекистонни ушбу мамлакат олий таълим муассасаларида таҳсил олиш учун стипендия олувчи давлатлар қаторига киритди. Ушбу дастурда талабалар, ёш тадқиқотчилар, Ўзбекистон илмий-тадқиқот институтлари ходимлари иштирок этиши мумкин.
Икки мамлакатда ташкил этилаётган кино кунлари ва концертлар маданиятлараро мулоқотни янада яқинлаштириш ҳамда мустаҳкамлашга хизмат қиляпти.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, юқори салоҳиятга эга Ўзбекистон-Словакия муносабатлари ижобий динамикани намоён этиш ва ўзаро манфаатли замонавий давлатлараро мулоқотнинг ёрқин намунаси бўлишга барча асослар бор. Шу нуқтаи назардан, Словакия Бош вазири Роберт Фицонинг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи икки томонлама муносабатларни фаоллаштириш ва стратегик шериклик даражасига кўтаришга кучли туртки беради.
“Дунё” АА