Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида Россия олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалар билан очиқ мулоқот ўтказилди

Ўзбекистон элчихонасида Россиянинг етакчи олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ва Москва шаҳрида ишлаётган ёш тадбиркор ватандошлар билан мулоқот ташкил этилди.
Учрашувда сўзга чиққан Ўзбекистон элчиси Ботиржон Асадов замонавий дунёда ёшларнинг таълим ва касбий ўсиши муҳим роль ўйнашини алоҳида таъкидлади. Хорижнинг нуфузли университетларида билим олиш нафақат шахсий ютуқ, балки Янги Ўзбекистон ривожига қўшган муҳим ҳисса экани қайд этилди.
Тадбирда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш "Янги Ўзбекистон – 2030" стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бош мезони экани урғуланди.
Хорижий олий ўқув юртлари битирувчиларининг касб-ҳунар эгаллаш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Президентининг мамлакатимизда ёш мутахассисларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ташаббуслари ҳақида маълумот берилди.
Суҳбат чоғида мезбон мамлакат қонунларига риоя қилиш, Россия маданиятини ўрганиш, шунингдек, бошқа давлат фуқароларини Ўзбекистоннинг анъана ва урф-одатлари билан таништириш муҳимлигига эътибор қаратилди.
Очиқ мулоқот тарзида ўтган тадбирда юртдош талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Учрашув кунида тадбир иштирокчилари учун дастурхон ёзилиб, палов тарқатилди.