Москвада Ўзбекистон ва Россия Омбудсманлари иштирокида ватандошларимиз дуч келаётган муаммолар таҳлил қилинди

Ўзбекистон Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова кеча амалий ташриф билан Россияга келди.
Ташрифнинг дастлабки кунида Омбудсман Ўзбекистон элчихонасида мамлакатимиз фуқаролари билан учрашди. Мулоқот фуқароларимиз дуч келаётган муаммоларга амалий ечим топиш мақсадида ташкил этилди.
Учрашувда, шунингдек, Россиянинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова ва унинг жамоаси, шунингдек, мезбон мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, ташқи меҳнат миграцияси, рухсатномалар ва визалар билан ишлаш департаменти вакиллари иштирок этди.
Мулоқот давомида ватандошларимиз ўзларини қизиқтирган ҳуқуқий ва ижтимоий йўналишларда, жумладан, вақтинча ишлаш учун келган шахслар фаолияти, меҳнат шартлари, рўйхатдан ўтиш (прописка), мактаб таълими каби соҳаларга оид саволларига расмийлардан жавоб олишди.
Ватандошлар иштирокида бўлиб ўтган мулоқот икки давлат Омбудсманлари томонидан бундай форматда илк бор ташкил этилди. Томонлар келгусида ушбу шаклдаги учрашувларни мунтазам ўтказишга келишиб олди.