Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида Россия ҳудудида таҳсил олаётган ҳамда меҳнат қилаётган ёшларимиз билан очиқ мулоқот ўтказилди
Жорий йил 15-19 апрель кунлари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар бошчилигидаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегацияси Москва шаҳрига ташриф буюрди.
Ташриф доирасида 16 апрель куни Ўзбекистоннинг Москвадаги Элчихонасида Россия олий ўқув юртларида таҳсил олаётган талабалар ҳамда мазкур давлат ҳудудида меҳнат қилаётган ватандошларимиз билан самимий мулоқот ўтказилди.
Тадбирда Москванинг етакчи олий ўқув юртларида, жумладан, РФ Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти, "Олий иқтисодиёт мактаби" миллий тадқиқот университети, Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодий университети, Россия халқлар дўстлиги университетида таҳсил олаётган ҳамда Москвада меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ёшларимиз жами 100 дан ортиқ ватандошларимиз иштирок этди.
Тадбирнинг очилишида Ўзбекистоннинг Россиядаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ботиржон Асадов сўзга чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, бугунги ташриф муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар бошчилигидаги Ўзбекистон мусулмонлари идораси делегациясининг Россияга илк бор ташрифи эканлигини, бу эса ўз навбатида давлатимиз раҳбари томонидан сўнгги йилларда диний таълимни ривожлантириш, хорижда бўлиб турган ватандошларимизнинг маънавий эҳтиёжларини таъминлаш масалаларига катта эътибор кўрсатилаётганидан далолатлигини таъкидлади.
Бундай тадбирларнинг хорижда турли сасабларга кўра бўлиб турган ватандошларимиз билан алоқаларни мустаҳкамлашдаги аҳамияти алоҳида қайд этилди.
Тадбир давомида муфтий Шайх Н.Холиқназар сўзга чиқиб, Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан сўнгги йилларда эътиқод эркинлигини таъминлаш, масжид-мадрасаларни обод этиш ва диний таълимни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юзасидан тушунтириш берди. Мамлакатда диний соҳада амалга оширилаётган янгиланишлар, масжидлар ва Қуръон курслари фаолияти, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази, Фатво марказининг Call-center ҳамда диний таълим тизимидаги ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот берди.
Мулоқот иштирокчиларига хорижий давлатларда яшовчи ватандошларнинг ахлоқий масъулияти, ўзаро ҳурмати, ота-онадан хабар олиб туриши ва ватандан узоқда бир-бирини қўллаб-қувватлашининг аҳамияти ҳақида сўз юритди.
Тадбир якунида муфтий Шайх Н.Холиқназар юртдошларимиз ва талабаларимиз томонидан берилган саволларга тўла, батафсил ва мукаммал жавоб берди.