Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонасида Россия ҳудудида таҳсил олаётган ҳамда меҳнат қилаётган ёшларимиз билан очиқ мулоқот ўтказилди
Россия Федерациясида ўтказилаётган "Ўзбекистон маданияти кунлари" доирасида Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Элчихонасида ватандошлар билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон Республикасининг Россия Федерациясидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ботиржон Асадов иштирок этиб, Россияда таълим олаётган ўзбекистонлик ёшлар, турли соҳаларда меҳнат қилаётган юртдошлар ҳамда Россиянинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган ўзбек диаспораси ва маданий ташкилотлари раҳбарлари билан очиқ мулоқот қилди.
Москванинг етакчи олий ўқув юртларида, жумладан, РФ Ташқи ишлар вазирлигининг Москва давлат халқаро муносабатлар институти, "Олий иқтисодиёт мактаби" миллий тадқиқот университети, Г.В.Плеханов номидаги Россия иқтисодий университети, Россия халқлар дўстлиги университетида таҳсил олаётган ҳамда Москвада меҳнат фаолиятини амалга ошираётган ёшларимиз жами 100 дан ортиқ ватандошларимиз иштирок этди.
Суҳбат давомида ватандошларнинг Россиядаги ҳаёти, таълим ва меҳнат фаолияти, уларни қўллаб-қувватлаш, шунингдек, Ўзбекистон билан алоқаларини янада мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Мулоқотда хорижда таҳсил олаётган ёшларнинг миллий ўзлигини асраб-авайлаши, она тили, миллий урф-одат ва анъаналарга ҳурмат руҳида камол топишига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, ёшларнинг Ўзбекистон маданияти ва санъатини Россияда кенг тарғиб этишдаги иштироки муҳим экани таъкидланди.
Россияда меҳнат қилаётган ватандошларнинг таклиф ва мулоҳазалари ҳам тингланди. Улар билан Ўзбекистоннинг бугунги маданий ҳаёти, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги лойиҳалар ва маданий-маърифий ташаббуслар ҳақида фикр алмашилди. Учрашувда ватандошлар билан маданий алоқаларни янада кенгайтириш, уларни Ўзбекистондаги маданий жараёнларга жалб этиш, шунингдек, хорижда миллий маданиятимиз ва санъатимизни тарғиб қилишга қаратилган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
"Ўзбекистон маданияти кунлари" доирасида ташкил этилган мазкур учрашув Россияда яшаётган ватандошлар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг фикр ва таклифларини эшитиш ҳамда юрт билан маънавий-маданий алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Учрашув самимий мулоқот ва очиқ фикр алмашинуви руҳида ўтди.